Закотнинг инсоний ва ижтимоий аҳамияти
Posted on / by admin

Закотнинг инсоний ва ижтимоий аҳамияти

Ислом динининг устунларидан бири ҳисобланган закот Аллоҳнинг ўз бандалари учун фарз қилган амалларидан. Закот шахсий эҳсон ёки ихтиёрий саҳоват эмас, балки бойлар учун Аллоҳ томондан белгиланган мажбурий молиявий ибодатдир.

Шу қисқагина мақоламизда биз закотнинг икки асосий жиҳати ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз. Уларнинг биринчиси бевосита закот берувчи ва олувчига тегишли бўлса, иккинчиси, унинг беқиёс умуминсоний, ижтимоий ва иқтисодий даражадаги аҳамиятига алоқадор.

Закотнинг инсоний ва ижтимоий аҳамияти

Закотнинг инсонлар орасидаги аҳамияти

Закотнинг ўта муҳим ва алоҳида аҳамиятга эга даражадаги масала эканлигини унинг Қуръони Каримда асосан исломнинг иккинчи устуни бўлган намоз билан бирга келганидан (эслатилганлигидан) ҳам билишимиз мумкин. 

Закот бериш уни берувчисининг қалбини худбинлик ва бойликка хирс қўйиш иллатларидан тозалаши баробарида, ундаги марҳамат ва камбағалларга бўлган хайрихоҳлик ҳиссини кучайтиради. Шу билан бирга, закот берувчи ўзига фарз қилинган ибодатни бажариш орқали ўзининг мол-мулкини талофатлардан, ўз қалби ва жисмини охират азобидан ҳимоя қилган бўлади.

Закот унинг олувчиси қалбида закот берувчига нисбатан ҳасад ва ғараздан тозалайди, жамиятда ўзаро ҳурмат-эҳтиром ва биродарлик муносабатларини мустаҳкамлайди.

Закотнинг инсоний ва ижтимоий аҳамияти

Тарихдан маълумки, ҳар қандай жамиятда бойликнинг адолатли тақсимланиши унинг ижтимоий барқарорлиги, иқтисодий ривожи ва кишиларнинг ўртасидаги юксак меҳр-оқибатнинг гарови бўлиб келган.

Барча тартиблаштирилган иқтисодий тизимлар орасида энг қадимийси бўлган ислом иқтисодий тизими буткул қашшоқликни тугатиш ва барча кишиларнинг асосий эҳтиёжлари қондириладиган иқтисодий жамият яратиш тарафдоридир. Закот эса мазкур мақсадни амалга ошириш учун Аллоҳ таоло томонидан берилган нодир бир тизимдир. Қуйида эса закотнинг аҳамияти ва жамиятга фойдали бўлган жиҳатларини санаб ўтамиз.

• Ижтимоий уйғунлик ва адолат. Закот камбағаллар ва бойлар ўртасидаги кўприкдир. Замонавий иқтисодиётда бойлик бир неча киши қўлида тўпланади, камбағалларнинг моддий аҳволи эса ёмонлашиб бораверади. Закотнинг мақсадларидан бири ана шундай ижтимоий тенгсизликка йўл қўймасликдир.

• Ижтимоий ҳимоя. Закот ижтимоий ҳимоя воситасидир. Бугун қўлида етарлича маблағи борлар муҳтожларга ёрдам беради. Агар эртага вазият ўзгариб, ўша одамларнинг ўзига молиявий ёрдам зарур бўлиб қолса, улар кун кўриш учун зарур бўлган маблағларни бошқалардан олиши мумкин. 

• Мол-мулк тўпловчиларга қарши энг яхши таъсир воситаси. Закот пул маблағлари ва тўпланган мол-мулкдан олинади, шу сабабли, ҳар йили закот берадиган киши мол-мулкини сармоя сифатида бирор бир тижорат/тадбиркорлик фаолияти орқали кўпайтиришга ҳаракат қилади, яъни закот тўловчи мол-мулки йилдан йилга камайиб бораверамаслиги учун уни кўпайтиришга интилади. Унинг моли кўпайган сари у кўпроқ закот тўлайди, бу билан бўйнидаги фарзни бажаради ва жамиятга фойдаси тегади. Мана энди закот сўзининг «ўсиш» деган луғавий маъноси яққол кўринди.

• Бойликларнинг жамиятда айланиши. Закот сабабли бойлик бир жойда тўпланмай, айланма маблағ кўринишида бутун жамиятга фойда келтиради. Закот қашшоқликнинг камайишига сезиларли даражада таъсир қилади. Агар закот тизими тўғри йўлга қўйилса, жамиятда камбағалликка тўлиқ барҳам берилиши мумкин.

• Инсоний биродарлик. Закот кишилар орасидаги оқибатни ва улар орасидаги биродарлик руҳини кучайтиради.

• Ўз вазифасини бажариш ва ўзини хурмат қилиш. Закот бойлар учун мажбурий амалдир. Бу уларнинг камбағалларга нисбатан саҳоватпешалигини англатмайди, балки улар Аллоҳ томонидан фарз қилинган вазифани бажариш орқали ўзларини охиратда Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлишдан сақлашга харакат қилишларини билдиради.

• Тиланчиликка барҳам бериш. Агар закот беришга қодир ҳар бир киши ўз вазифасини адо этса, жамиятда камбағал ёки муҳтож кишилар тиланчилик қилишгача бормайдилар. Ислом дини бойларнинг муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишларини шарт қилиши баробарида камбағалларни тиланчилик қилишдан қайтарган.

• Тинчлик ва тараққиёт. Закот жамиятнинг турли қатламлари ўртасида молиявий мувозанатни таъминлаши орқали, ижтимоий адолатни таъминлайди. Бунинг натижасида жиноятчилик даражаси ҳам пасаяди. Шу тарзда бутун жамият ҳамжиҳатликда тараққиётга интилади, ривожланади. Моддий бойликларнинг адолатли тақсимланиши ишсизлик даражасини пасайтиради ва иқтисодий инқирозларнинг олдини олади.

Агар закот беришга қодир кишилар ўзларига фарз қилинган бу амални чин дилдан ва тўлақонли адо этсалар, давлатнинг ижтимоий дастурлари билан бир қаторда, закот бутун бир жамиятни иқтисодий, ижтимоий ва маънавий ҳолатини ижобий томонга ўзгартира оладиган воситадир.

Тавба сураси, 103-оят:

خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِم بِهَا وَصَلِّ عَلَيْهِمْ إِنَّ صَلَاتَكَ سَكَنٌ لَّهُمْ وَاللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ

(Эй Муҳаммад), сиз уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг ва уларнинг ҳақларига дуо қилинг. Албатта, сизнинг дуоингиз улар учун ором-осойишталик бўлур. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.

Марям сураси, 31-оят:

وَجَعَلَنِي مُبَارَكًا أَيْنَ مَا كُنتُ وَأَوْصَانِي بِالصَّلَاةِ وَالزَّكَاةِ مَا دُمْتُ حَيًّا

Яна мени қаерда бўлсам баракотли қилди ва модомики, ҳаёт эканман, менга намозни ва закотни (адо этишни) буюрди.

 

Tags: