ЗАКОТ, ФИТР ВА ФИДЯ: НИМА? ҚАНЧА? КИМГА?
Posted on / by admin

ЗАКОТ, ФИТР ВА ФИДЯ: НИМА? ҚАНЧА? КИМГА?

Маълумки Рамазон ойида, асосан, уч турдаги молиявий ибодат амалга оширилади. Булар закот, фидя ва фитрдир. Қуйида яна бир бор ушбу ибодатлар ҳақида маълумот бериб ўтмоқчимиз.

ЗАКОТ, ФИТР ВА ФИДЯ: НИМА? ҚАНЧА? КИМГА?

ЗАКОТ

Закот динимиз арконларидан бири бўлиб, ҳур, ақлирасо, балоғатга етган, моли нисобга етганига бир йил тўлган мусулмон шахслар учун фарз бўлган молиявий ибодатдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати 1 грамм тиллонинг бугунги кундаги ўртача нархи 250 000 (икки юз эллик минг) сўм эканини эътиборга олиб, милодий 2020 йил (ҳижрий 1441 йил) учун ЗАКОТ нисобини (85 г. тиллодан) 21.250.000 (йигирма бир миллион икки юз эллик минг) сўм деб белгилади. Мазкур қийматнинг қирқдан бири (1/40), яъни закот учун чиқариладиган қисми 531 250 (бешюз ўттиз бир минг икки юз эллик) сўмга тенг бўлади.

Қуръонда, закот қуйидаги саккиз тоифа кишиларга берилиши айтилган: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир” (Тавба сураси 60-оят).

Мана энди бу масалани батафсилроқ кўриб чиқамиз:

1. Фақирлар – ейиш,  ичиш, кийишга  етадиган  маблағи  бор,  лекин тасарруфларидаги мол-давлатлари нисобга етмаган кишилар.

2. Мискинлар – ўзбекча айтганда “бечора”, яъни чорасиз, ўта камбағал кишилар;

3. Закот йиғувчи кишилар. Бу тоифа бугунги кунда бизнинг мамлакатимизда йўқ дейиш мумкин;

4. Ислом динига ошно қилиниши керак бўлган кишилар. Бугунги кунда бошқа диндаги кишиларни динимизга даъват қилиш мақсадида уларга закот улашиш ортиқча, деб тўхтатиб қўйилган;

5. Қулларни озод қилиш учун. Ҳозир қулдорлик замони бўлмагани учун, табиийки бундай тоифа ҳам йўқ;

6. Қарзини тўлай олмай қолган кишилар – қарз юкидан қийналиб қолганлар қарздорлар;

7. Аллоҳ йўлидагилар. Айрим уламолар толиби илмларга закот берилса Аллоҳ йўлида берилган бўлади, деб тафсир қилишади;

8. Мусофирлар. Мусофир  ўз  ватанида  бой  бўлса-да, сафардагилик чоғида, айтайлик, ватанига қайтиб кетиши учун маблағи бўлмай қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам уларга закот бериш буюрилади. Бугунги кунда коронавирус пандемияси туфайли давлатлар чегаралари, шаҳарлар, корхоналар, ва ўқув даргоҳлари карантинга ёпилиб минглаб ватандошларимиз чет элларда ишсиз, маблағсиз қолиб кетишди, ана шундай пайтда бой мусулмонларнинг закотлари уларга жуда асқотиши шубҳасиз.

ФИТР

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расуллуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам фитр закоти хурмодан бир соъ, арпадан бир соъ миқдорида мусулмонлардан қулга ҳам, ҳурга ҳам, эрга ҳам, аёлга ҳам, кичикка ҳам, каттага ҳам фарз қилдилар. Уни одамлар намозга чиқишидан олдин адо этишга амр қилдилар”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

Фитр садақаси тўрт нарсадан чиқарилади. Улар буғдойдан ярим соъ, арпадан бир соъ, майиздан ярим соъ ва хурмодан бир соъдир. Бир соъ тақрибан 4 килограммдир.

Шунга кўра, 2021 йилги ФИТР садақасининг миқдори қуйидагича белгиланди:

2 кг буғдойдан 10000 сўм;

4 кг арпадан 14000 сўм;

2 кг майиздан 80000 сўм;

4 кг хурмодан 140000 сўм.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя.

Фитр садақаси араб тилида “Садақат ул-фитр” деб номланади. Яъни фитр (ҳайит) кунинг тонги ушбу садақани вожиб бўлишига сабаб бўлади. Шунга кўра фитр куни тонг вақтда туғилган болага ҳам фитр садақаси вожиб бўлади. Тонгдан кейин туғилган болага эса вожиб бўлмайди. Тонг вақти вафот бўлган кишидан фитр садақаси соқит бўлади, тонгдан кейин вафот қилган кишидан фитр садақаси соқит бўлмайди.

Фитр садақаси рамазон рўзасини хато ва камчиликлардан поклайди.

Фитр садақасини ҳайит куни тонг вақтида бериш вожиб бўлади. Аммо, аввалроқ берса ҳам жоиз. Ҳайит намозидан кейинга қолдирмаслик керак.

ФИДЯ

Қарилик сабабли умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган кексалар, ҳамда сурункали касал бўлиб, тузалишига умид бўлмаган беморларга шариатимиз рўза тутмасликка изн беради. Бу тоифага кирувчи мусулмонлар Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя беришади. Фидя берувчилар хоҳласалар, фидяларининг ҳаммасини бир қилиб, Рамазон ойининг исталган пайтида беришлари ҳам мумкин.

Агар фидя берган киши кейинроқ бирдан қувватга тўлиб, рўза тутишга кучи етадиган бўлиб қолса, тутмаган рўзаларининг қазосини тутиши керак бўлади.

Милодий 2021 йил (ҳижрий 1441 йил) учун ФИДЯ миқдори бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, унинг ўртача қиймати 25 000 (йигирма минг) сўм этиб белгиланди.

Фитр садақаси ва фидя закотга ҳақдор бўлган кишиларга берилади.

Манба:

https://azon.uz/content/views/2020-yil-uchun-zakot-miqdori-belgilandi

https://azon.uz/content/views/uzbekiston-musulmonlari-idorasi-fatvo-ha

http://muslim.uz/index.php/component/k2/item/900-17-06-2016-zakot-moliyavij-ibodat

https://islom.uz/maqola/442

Tags: